Бунда гўзаллик ва эзгулик мужассам

Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритганидан сўнг шаҳар ва қишлоқлар таниб бўлмас даражада ўзгарди. Жумладан, замон талаблари асосида бунёд этилаётган уй-жойлар, таълим муассасалари, спорт, тиббий, савдо хизмат кўрсатиш иншоотлари бунинг яққол далилидир. Хусусан, Жиззах вилоятида ҳам бу борада кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.  Чунончи, эски уйлар ўрнида миллий ҳамда илғор мамлакатлар меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган кўп қаватли турар жойлар, маиший ва савдо шаҳобчаларининг қурилаётганлиги шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Бугун Жиззах шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгаришга юз тутиб, улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Янги-янги қурилган уй-жойлар, кўркам хиёбонларни кўриб, Ватанимизнинг кундан-кунга чирой очиб, қудратли давлатга айланаётганлиги ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуси жўш уриши табиий, – дейди “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг мухбири Алижон Абдусатторов. – Шаҳримизда замон талабларига мос, миллий меъморчилик асосида барпо этилаётган турар жойлар, спорт иншоотлари ёшларимизнинг жисмонан соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишишида, шунингдек, халқимизнинг турмуш даражасининг яхшиланиши ва келажакка бўлган ишончининг янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Келгусида Жиззах шаҳри юртимиздаги энг гўзал шаҳарлардан бирига айланишига ишончим комил. Бу эса воҳада туризм соҳасининг янада ривожланишида катта имкониятлар яратиши табиий.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2013 йил 30 сентябрдаги “Жиззах шаҳрининг 2030 йигача бўлган давр учун бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 266-сонли қароридан кейин Жиззах шаҳрида кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширила бошланди. Жиззах шаҳрининг архитектура қиёфасини яхшилаш, шунингдек, ижтимоий соҳа, йўл транспорти ва муҳандислик коммуникациясини, инфраструктурасини қуриш ва реконструкция қилиш ҳисобига келгусида шаҳарни кенгайтириш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган бу каби тадбирлар Жиззах шаҳрини яқин йиллар ичида республикамизнинг энг кўркам гўшаларидан бирига айлантириши шубҳасиз.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил  30 сентябрдаги 266-сонли қарорига биноан Жиззах шаҳридаги қурилиш ишлари 2 босқичда амалга оширилиши белгиланган, – дейди Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эргаш Қўлдошев. – Қурилиш ишларининг дастлабки босқичи 2013 йилда бошланиб, 2017 йилда якунланиши режалаштирилган бўлса, кейинги босқичи эса 2030 йилгача мамлакатимиз тараққиётига мос тарзда замонавий ва миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ҳолда давом эттирилади. Жумладан, 2015-2016 йилларда Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида 4,1 км, Шароф Рашидов номидаги кўчада 3,2 км, Алишер Навоий номидаги кўчада 2,3 км масофдаги йўллар реконструкция қилиниб, капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, ҳозирги кунгача шаҳар марказидаги Мустақиллик кўчасида замон талабларига мос ҳолда 50 метргача кенгайтирилиб, пастқам ва кўримсиз бинолар ўрнига 38 та кўп қаватли кўркам уй-жойлар қадр ростлаб, автомобиль йўлидан аҳолининг ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида ер ости йўли барпо қилинди. Худди шу каби уйлардан 18 таси Алишер Навоий номидаги кўчада қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда 5 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Қолган 13 тасида қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, батафсил режалаштириш лойиҳаси асосида ушбу кўчада яна 5 та кўп қаватли уйларни қуриш билан бир қаторда, маъмурий ва савдо хизмат кўрсатиш биноларини реконструкция қилиш ҳам кўзда тутилган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йил якунига қадар шаҳардаги О.Азимов номидаги кўчада 1,5 км, 2017 йилда Ўзбекистон кўчасида 1,5 км масофада қурилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, Халқлар Дўстлиги шоҳ кўчасида 7,2 км, Тошкент кўчасида 3,7 км масофада реконструкция ва қурилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу кўчада яна 5 та кўп қаватли уй барпо этилиб, улар ёнида болалар майдончалари, автотранспорт турар жойлари ва бошқа иншоотлар қурилади.

Бош режага асосан, вилоят марказида аҳолининг дам олиши учун  22 та хиёбонларни ташкил қилиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу хиёбонлардан 14 таси фойдаланишга топширилди. 7 та истироҳат боғлари қайтадан реконструкция қилинди. Шунингдек, шаҳар марказида умумий қиймати 52 миллиард сўм бўлган 10 минг томошабинга мўлжалланган “Суғдиёна” стадиони ва спорт мажмуасининг қурилиши ёшларнинг спортнинг бир қанча турлари билан шуғулланишида муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур спорт мажмуасига туташ бўлган ҳудудда 9,6 гектар майдонда бунёд этилган хиёбон ва ундаги мусиқали фавворалар, салқин ичимлик ҳамда музқаймоқларга мўлжалланган савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларининг ишга тушурилиши натижасида ушбу масканга ташриф буюраётган ҳар бир кишига ҳузур бағишлаши шубҳасиз.

Истиқлол шарофати билан Жиззах шаҳрида 65,8 гектар майдонда ташкил қилинган “Ёшлар шаҳарчаси” ҳудуддаги “Ёшлар сайилгоҳи”, “Ёшлар боғи”, “Ёшлар маркази” аҳоли, айниқса ёшлар билан доимо гавжум. Шу билан бирга “Ором” фавворалар мажмуаси, “Боғишамол”, “Сангзоркўл” дам олиш масканлари, “Истиқлол” болалар боғи, “Форум” мажмуаси, Мустақиллик майдонидаги фавворалар хиёбони маҳаллий аҳоли ва шаҳарга ташриф буюрган меҳмонларнинг завқини янада ошириши табиий. Бу каби ўзгаришлар нафақат юртдошларимиз, балки юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг ҳам ҳайратини оширмасдан қолмайди. Тарихан қисқа давр мобайнида мамлакатимизда, хусусан, Жиззах шаҳридаги амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини кўриб, улар ўз ҳайратини яшира олмади.

– Жиззах шаҳридаги бундай ўзгаришлар мени жуда ҳайратга солди, – дейди Россия Федерациясида ташриф буюрган меҳмон Алла Ким. – Қисқа вақт мобайнида шаҳрингизда амалга оширилган бундан кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим. Эски ва кўримсиз уйлар ўрнига ўзида замонавий меъморчиликни ўзида акс этган, замон талабларига мос ҳолда қад ростлаган уйлар, кенг ва равон кўчалар, янги-янги истироҳат боғларини кўриб кишининг қалби қувнайди. Одамларнинг юзидаги шукроналик, ҳаётдан мамнунлиги, қалбида она Ватанига бўлган фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётган кишиларни кузатиб, ёшларнинг эртанги кунга умид билан бахтиёр ҳаёт кечираётганлигини кўрган ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради, албатта.

Она Ватанинг тўғрисида чет мамлакатлардан келган меҳмонлар томонидан билдирилаётган бундай фикрларни эшитган ҳар бир инсон қалбида ўз Ватанига нисбатан қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади, албатта. Бу каби ишларнинг ўз-ўзидан бўлмаганлиги, Ватанимиз мустақиллигининг шарофати, муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган одилона сиёсати, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг самараси эканлигига амин бўламиз.

Айниқса, “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан шаҳар марказида “Хотира хиёбони”да олиб борилган қурилиш, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари мазкур гўшага ўзгача қиёфа касб этиши билан биргаликда шаҳар кўркига янада кўрк киритганлиги билан эътиборлидир. Жумладан, боғ бўйлаб йўлаклар юзага келтирилди, ёритгичлар ўрнатилди. Замонавий ва миллий меъморчилигимиз асосида хотира айвонлари қурилиб, улар атрофига манзарали дарахт кўчатлари ва анвойи гуллар экилди. Натижада, мазкур маскан шаҳарнинг энг гавжум ҳудудларидан бирига айланди.

Истиқлол шарофати билан шаҳарда 65,8 гектар майдонда “Ёшлар шаҳарчаси” ташкил қилиниб, ушбу ҳудуддаги “Ёшлар сайилгоҳи”, “Ёшлар боғи”, “Ёшлар маркази” ёшлар билан доимо гавжум. Шу билан бирга шаҳардаги “Ором” фавворалар мажмуаси, “Боғишамол”, “Сангзоркўл” дам олиш масканлари, “Истиқлол” болалар боғи, “Форум” мажмуаси, Мустақиллик майдонидаги фавворалар хиёбони маҳаллий аҳоли ва шаҳарга ташриф буюрган меҳмонларнинг завқини янада ошириши табиий.

Бугун Жиззах шаҳридаги бозорлар ҳам олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида ўзгача қиёфа касб этмоқда. Жумладан, олдинги “Кўк бозор”нинг қайта реконструкция қилиниб, “Марказий деҳқон бозори”га айлантирилиши, “Эски шаҳар” бозорида олиб борилган қурилиш ишлари ушбу бозорларнинг янгича қиёфада акс этишига сабаб бўлди. Ҳар иккала бозорларда олиб борилган қурилиш-монтаж ишларига 13,3 миллиард сўмлик банк кредитлари, 4,2 миллиард сўмлик тадбиркорлар маблағлари йўналтирилди. Хусусан, жаҳон андозаларига мос қуриб битказилган “Марказий деҳқон бозори” 1152 та, “Эски шаҳар” деҳқон бозорида 1150 та савдо расталари ҳамда савдо дўконлари санитария ҳолати, кенг ва ёруғлиги, тартиб билан қурилганлиги диққатга сазовор бўлиб, воҳамиз аҳолиси учун хизмат кўрсатиб келмоқда.

Айни вақтда шаҳардаги “Иттифоқ” маҳалласида халқаро талабларга тўла жавоб бериши кўзда тутилаётган якка кураш саройи қурилиши давом этмоқда. Хотира боғида олиб борилган қурилиш ва кўкаламзорлаштириш натижасида мазкур гўша мутлақо ўзгача қиёфа касб этди. Кўп қаватли уйларга эга 8 та маҳаллада турар жойларнинг ташқи қисми, томи, ертўласи, йўлаги таъмирдан чиқарилиб, болалар ва спорт майдонлари барпо этилмоқда. Инвестиция дастури асосида ушбу маҳаллада 2 та “Камолот” уйлари қад ростлаяпти. Шунингдек, шаҳар ҳудуди 6 қисмга ажратилиб, ҳар бир маҳаллада 25 тадан, жами 150 та кўчани намунавий кўринишга киритиш чоралари кўрилаётир. Худди шундай вилоятнинг ҳар бир туманида 25 тадан кўча намунавий ҳолга келтирилади. Яъни, уйлар таъмирланади, дарахтларга шакл берилади, йўллар созланади.

Яна шундай хайрли қурилиш ишлари Жиззах махсус индустриал зонасида ҳам олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4516-сонли Фармони асосида ташкил мазкур ҳудудни ташкил қилиш мақсадида 363,7 гектар ер майдони ажратилиб, жорий йилда ушбу жойда 63,6 миллион доллар бўлган 18 та лойиҳалар ишга туширилиб, 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратишга эришилди.

— Жорий йилдан бошлаб Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида  1,5 км масофада қурилиш ишлари олиб борилиб, эски уйлар ўрнида 16 та кўп қаватли турар жойлар барпо этилади. Шу билан бир қаторда маъмурий, маиший ҳамда савдо шаҳобчалари ҳам қурилиб, тўрт қаторли кенг йўл юзага келтирилади. Шаҳарнинг марказий Шароф Рашидов кўчасидаги эски уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар, инфратузилма объектлари барпо этилади. Бу каби ишлар “Халқлар Дўстлиги” шоҳ кўчасида 7,2 км масофадаги йўлларни қурилиш ва реконструкция қилиш ва кенгайтириш, 60 дан зиёд кўп қаватли уйлар ҳамда маъмурий, маиший ва савдо иншоотларини қуриш, 8 та хиёбон юзага келтириш каби қурилиш лойиҳалаштирилаяпти. Бундан ташқари, Тошкент кўчаси кенгайтирилиб, 3,7 км масофада қурилиш ишлари олиб борилади ва кўп қаватли уйлар барпо этилади. “Марказий деҳқон бозори” ва автошоҳбекат бевосита боғланади. Қолаверса, шаҳардаги “Буюк Турон” кўчасини Фориш тумани марказига олиб борувчи асосий йўл билан, Ўзбекистон кўчасини эса “Боғдон” кўчаси билан тўғридан-тўғри боғлаш чоралари кўрилади, – дейди Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эргаш Қўлдошев

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, республикамиз раҳбариятининг эътибори билан Жиззах шаҳарида ҳам олий маҳорат бокс мактаби қурилиши кўзда тутилаяпти. 3 минг тамошабин ўрнига эга бўлиши режалаштирилаётган мазкур спорт мажмуасини Жиззахда 2017 йилда қуриб битказиш мўлжалланган. Қолаверса, келгусида 4 минг 745 гектар ҳудудга эга Жиззах шаҳри Жиззах тумани ҳисобидан 9 минг 746 гектарга кенгайтирилади. Айни вақтда Жиззах шаҳрида 156 минг нафар фуқаро истиқомат қилаётганлиги ҳисобга олиниб, 2030 йилда 250 минг аҳоли яшаши учун шароитлар яратиш режалаштирилган.

Амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида вилоятимиз маркази – Жиззах шаҳри янада кўркам қиёфа касб этишида малакали қурувчиларнинг самарали меҳнатлари беқиёс эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Улар томонидан яратилган ҳар бир кўркам ва замонавий бинолар кишига завқ бағишлайди. “Ўрта Осиё меъмор”, “Жиззах қурилиш зийнати”, “Хумоқурилишсервис”, “Мукаммал қурилиш савдо”, “Мерос”, “Агро Квант”, “Лойиҳа Экспо қурилиш”, “Хуршид”, “Альфа плюс” каби қурилиш фирмаларида ишлаётган қурувчиларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Мазкур фирмалар ходимлари вилоятимиздаги шинам таълим марказлари, соғлиқни сақлаш бинолари, уй-жой массивларининг қад ростлашида сидқидилдан меҳнат қилишди.

Юртимизда олиб борилаётган бу каби хайрли ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши шубҳасиз, Мустақиллик шарофатидир. Жумладан, Жиззах шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободончилик ишларини кўриб, бунга яна бир бора ишончингиз комил бўлиши шубҳасиз. Чунки, Жиззах воҳаси аҳолисининг фидойилиги, ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишдек олижаноб мақсадлар билан ёниб яшаётганлиги ҳам Истиқлолнинг бизга берган тотли неъматидир. Қисқа қилиб айтганда, барпо этилаётган бинолар, инфратузилма иншоотлари ва яшаш муҳити замон талаблари ҳамда архитектура ўзгаришларига мослаб борилаверади. Мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида шаҳарсозлик борасидаги ишлар юртдошларимиз ҳаётини қулайлаштириб, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Қурувчилар томонидан яратилаётган муҳташам бинолар, равон йўллар, гўзал боғ ва хиёбонларнинг кўрки қалбларимизни гўзаллик ва эзгуликка тўйинтираверади.