Рангларда Ватан мадҳи

Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳридаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 17-умумтаълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Мустақилликнинг йигирма беш йиллигида “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни” мавзусида расмлар кўргазмаси ташкил қилинди. Унда партиянинг вилоят ва Жиззах шаҳар Кенгаши ходимлари, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши аъзолари, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўз олганлар тадбир қатнашчиларини юртимизда кенг нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги билан қизғин табриклашди. Шу билан бирга, мамлакатимизда истиқлол йилларида таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳаларида эришилган ютуқлар, амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталиб, мазкур тадбир борасида ҳам ўзларининг фикрларини билдириб ўтишди.

– Расмлар кўргазмасида илк маротаба иштирок этаётган бўлсамда, бу тадбир менда катта таассурот қолдирди, – дейди маҳалла фаоли Раҳима Ризаева. – Очиғини айтсам, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда намойиш қилинаётган ижод намуналарини кўздан кечирар эканман, ёшларимиз орасида бундай истеъдодларнинг етишиб чиқаётганлигидан қувондим. Ёш ижодкорлар томонидан ёрқин ранглар воситасида ватанпарварлик, юртга садоқат, Она табиат манзараларини ўзида мужассамлаштириган ранг-баранг расмларни кўрган кишининг кўнгли завққа тўлади, албатта.

Дарҳақиқат, кўргазмага қўйилган ижод намуналарини кўздан кечирганлар ҳар бир ижодкор томонидан Ватан мадҳи турлича тасаввурда акс этирганлигининг гувоҳига айланишди. Чунончи, айрим расмларда қир-адирлар, тоғу-тошлар тасвирланган бўлса, яна бир қатор расмларда юртимизнинг шаҳар ва қишлоқлари, Ватанимизнинг Давлат рамзлари маҳорат билан тасвирланган. Қолаверса, миллий қадриятларимиз ҳисобланган тўю-тантаналар, спорт ўйинлари, умумхалқ байрамлари, урф-одат ва удумларимиз тасвирланган расмлар ҳам кўргазмадан жой олганлиги диққат-эътиборда бўлди.

– Партиянинг вилоят Кенгаши томонидан бу каби тадбирларни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб бориш режалаштирилган, – дейди “Ёш адолатчилар” қаноти вилоят Кенгаши раиси Ҳусниддин Шарипов. – Бу каби тадбирларни ташкил қилиш орқали партия фаоллари ҳамда ёшларининг тасвирий санъат ва рассомчиликка бўлган қизиқишини уйғотиш ва ижодкорлигини янада ошириш, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, эл-юртга нисбатан садоқат туйғуларини шакллантириш, қолаверса, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами тантаналарини кўтаринки руҳда ўтказишдан иборат.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ижодкор ёшлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар томонидан рағбатлантирилди. Шунингдек, вилоятдаги таниқли эстрада хонандалари томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар кўргазмага янада файз киритди.