Халқ қалбидан абадий жой олган арбоб

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам мотам маросимлари ўтказилмоқда.

Вилоят маънавият ва маърифат марказида давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар Президентимиз портрети пойига гуллар қўйиб, хотирасига таъзим бажо келтирмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби мустақиллик йилларида Тошкент вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар ҳудудда замонавий саноатни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хорижий сармоялар иштирокида ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кўплаб қўшма корхоналар ташкил этилди.

Вилоят ҳудудида жойлашган Ўзбекистон металлургия комбинати, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, дунёга машҳур “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган, автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган ноёб замонавий корхона, Янги Ангрен ҳамда Тошкент иссиқлик электр станциялари ва бошқа саноат корхоналари нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё минтақасида йирик ишлаб чиқариш мажмуаларига айланди.

– Президентимиз Ислом Каримов мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини мунтазам ошириб бориш йўлида ҳамиша ёниб яшади, – дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, меҳнат фахрийси С.Салоҳиддинов. – Бу ҳақда гапираяпману, шу йил 4 февраль куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида у кишининг Тошкент вилояти – оддий вилоят эмас, у авваламбор пойтахт вилояти сифатида мамлакатимизда етакчи мавқени эгаллаб келади. Қайси соҳа ёки тармоқни олмайлик, бу замин катта имконият ва ресурсларга бой эканини кўрамиз. Шунинг учун ҳам Тошкент вилоятини мамлакатимиз ҳаётида янада юқори ўринга кўтариш, бу ерда яшаётган 2 миллион 770 мингдан зиёд аҳолининг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини муносиб даражада таъминлаш, айтиш керакки, бугун ҳам, эртага ҳам, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифамиз бўлиб қолади, деб жонкуярлик билан айтган сўзлари хаёлимдан бирма-бир ўтмоқда. Буюк Йўлбошчимизнинг мамлакат фаровонлиги, ёшлар камолоти йўлида амалга оширган беқиёс ишлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан абадий муҳрланади.