Савол-жавоблар

02.05.2016

1. Овоз беришда неча ёшдан иштирок этиш мумкин? 

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига, ҳамда “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” қонунинг 4-моддасига асосан 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

2. Сайловчилар рўйхатига киритиш учун нима асос бўлиб хизмат қилади?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қиладиган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади.

3. Овоз бериш куни бошқа давлатда бўлсангиз, қандай овоз бериш мумкин?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ агар сайловчи сайлов куни бошқа давлатда бўлса, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин. Овоз бериш соат 6.00дан соат 20.00гача амалга оширилади.